Жиззахда қурилиши тугалланмаган олти қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигидаги ҳукумат комиссияси ўрганади.
Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг билдиришича, комиссия 10 январданоқ ўз ишини бошлаган. Комиссия прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда пудрат ташкилотлари мутахассисларидан иборат.
10 январь куни соат 17:15 атрофида Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди.
Олти қаватли бино ҳали фойдаланишга топширилмаган эди. Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмоновга кўра, бино хусусий тадбиркор томонидан қурилган. Бинонинг дастлабки 2 қавати дўконлар ва қолган 4 қавати яшаш учун мўлжалланган.
Бирламчи маълумотларга кўра, воқеа натижасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Шундай бўлишига қарамасдан, қидирув-қутқарув ишлари олиб борилгани хабар қилинди.