Жорий йилнинг январидан ноябрь ойигача ўтган муддатда Россиядан 211 нафар ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади олиб келинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълум қилди.
“2020 йилда чет элдан салкам 211 кишининг жасади давлат ҳисобидан олиб келиниб, жанозалари ўтказилди. Дафн маросимлари ташкил қилиниб, оилаларига моддий ёрдам берилди”, -деб иқтибос келтирди вазир ўринбосари сўзларидан “Дарё” нашри.
Баҳодир Умрзоқов Россияда ўзбек муҳожирларининг ўлимига қандай омиллар сабаб бўлиши тўғрисида маълумот бермаган.
Озодлик радиосидаги мавжуд маълумотлардан хулоса қилинса, Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар асосан бахтсиз ходисалар, жумладан, ёнғинлар, қурилишларда меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаётгани ва миллатчилар ҳуружлари оқибатида ҳалок бўлаётгани ойдинлашади.