ЖССТ ҳукуматларга аҳолини коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тавсия қилди

AstraZeneca вакцинаси ЖЖСТнинг камбағал давлатларга коронавирусга қарши эмлашда ёрдам халқаро механизмига киритилган.

10 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Эмлаш бўйича стратегик маслаҳат гуруҳи (SAGE) коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинаси хавфсиз ва самарали эканини айтиб, унинг ёрдамида жаҳон аҳолисини кенг кўламда эмлашга чорлади.

Аввалроқ AstraZeneca вакцинаси Жанубий Африкада тарқалган коронавирус штаммига нисбатан самарасиз экани айтилган эди.

SAGE гуруҳи кейинги ҳафтада AstraZeneca вакцинасини фавқулодда тасдиқлаши кутилмоқда. Бу вакцина оддий музлатгичда олти ойгача сақланиши мумкин.

AstraZeneca ЖЖСТнинг COVAX (Камбағал давлатларга коронавирусга қарши эмлашда ёрдам) халқаро механизмига киритилган вакциналарнинг биридир.

Бир нечта мамлакат ушбу вакцина кекса одамларни ва Жанубий Африкада аниқланган штаммига чалинган шахсларни самарали ҳимоя қила олмаслиги ҳақида хавотир изҳор қилган.

Аммо SAGE мутахассислари вакцинанинг 65 ёшдан ошган одамлар орасида самарадорлиги тўғрисидаги маълумот етарли эмаслигига қарамай, унинг ёрдамида кекса ёшдагиларни эмлаш самарали ва хавфсиз деган хулосага келди.