Ижтимоий тармоқда чирчиқлик ишчилар норозилик намойишига чиққани тўғрисидаги видео тарқалди

Ўзбекистондаги сўнгги намойишлардан бири: Нурободда чўпонлар яйлов ерларининг кластерларга бериб юборилаётганига норозилик билдириб, 6 апрелда қўйлар сурувини ҳокимликка ҳайдаб борганди

Чирчиқлик ўнлаб ишчилар иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганига норозилик билдириб шаҳар ҳокимияти биноси олдига йиғилгани тўғрисидаги видеолар 11 май куни ижтимоий тармоқларда кенг равишда тарқатилди.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати бундай норозилик намойиши бўлиб ўтгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади.

“Ушбу фуқаролар қурилиш ташкилотлари томонидан ишга жалб қилинган бўлиб, ҳақиқатан ҳам уларга ҳақ тўлаш борасида кечикиш юзага келган. Улар эса муаммони бартараф этиш мақсадида ҳокимлик мутасаддиларига мурожаат қилиш учун тўпланишган”, - дейилади расмий хабарда.

Ҳокимиятнинг таъкидлашича, 11 май куни барча ишчиларга “иш ҳақларининг маълум қисми тўлаб берилган. Қолган қисмини эса 18 майга қадар тўлиқ ҳисоб китоб қилишга ўзаро келишилган”.