Жиззах вилояти Зомин туман суди ҳукми билан икки ойлик қизини ўлдирган ота 5 йил озодликдан маҳрум қилинди.
Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг билдиришича, воқеа 2020 йилнинг 9 октябрида содир этилган.
Ўша куни тунги соат 11ларда эр хотини бешикдаги боласини ухлата олмаётганидан аччиқланиб, бешикдаги ёстиқни олиб, аёлининг юзига бир неча марта урган. Шу пайтда чақалоқнинг боши бешик қиррасига урилган. Шунингдек, чақалоққа бошқа жароҳатлар ҳам етказилган.
Жумладан, суд тиббий экспертиза чақалоқнинг бош мияси ёпиқ жароҳатлангани, энса суяги битишмаларидан ичкарига қараб сингани, мия тўқимаси эзилгани, мия тўқимасига ва бош мия бўшлиқларига қон қуйилганини аниқлаган.
2020 йилнинг 17 августида туғилган чақалоқ касалхонага ётқизилган. Аммо у касалхонада хушига келмай вафот этган. Воқеа юзасидан она 10 октябрь куни Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, аёл билан шаърий никоҳда яшаётган эр, сентябрь ойида ҳам собиқ эри билан телефон орқали гаплашган хотинини қаттиқ калтаклаган.