Аҳоли ўртасида инглиз тилини билиш бўйича EF English Proficiency Index рейтингида Ўзбекистон бу йил 88-ўринни эгаллади. Ўтган йили мазкур рейтингда мамлакат 95-ўринга қўйилганди.
Рўйхатга жами 100 та мамлакат киритилган бўлиб, ундаги ўринлар ёши 18 дан ошган 2,2 миллион кишини тестдан ўтказиш натижаларига кўра белгиланган.
Рейтингда мамлакатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасига қараб 5 тоифага (“жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст”) бўлинган.
Гарчи Ўзбекистон бу йил EF рейтингида ўтган йилдагига нисбатан 7 поғона юқорилаган бўлса-да, аҳолиси инглиз тилини “жуда паст” ўзлаштирган давлатлар қаторида қолаверган.
Бу йилги рўйхат бошида аҳолиси инглизчани “жуда юқори” даражада ўзлаштирган Ҳолландия, Дания, Финляндия, Швеция ва Норвегия каби давлатлар турибди. Рўйхат охиридан эса Қирғизистон, Саудия Арабистони, Уммон, Ироқ ва Тожикистон каби мамлакатлар ўрин олган.
EF (Education First) томонидан ўтказилган тадқиқот дунёда инглиз тилини ўзлаштириш даражасининг ўртача кўрсаткичи ошиб бораётганини кўрсатган.