Жорий йилнинг 11 ойида Ички ишлар вазирлигининг коррупцион характерга эга ҳаракатларни содир этган 70дан ортиқ ходими жазоланди. Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармасининг билдиришича, бу борада Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ИИВда бўлган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Р. Хотамов жорий йилнинг 11 ойи давомида “коррупцион характерга эга салбий ҳолатларга йўл қўйганликлари” учун 23 нафар ходим ички ишлар органлари тизимидан бўшатилгани, 11 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ва 40 нафарига эса интизомий жазо чоралари қўлланилганинин қайд этган.
“Танқидий руҳда ўтган ушбу йиғилишда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан жиноят содир этилишини олдини олишга масъул бўлган мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди, келгусида коррупцион жиноятларга ҳамда бошқа салбий иллатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди, бу борадаги масалаларда раҳбарларнинг масъуллиги ва жавобгарлиги оширилди”,-дейилади хабарда.