ИШИД Афғонистонда уч нафар телевидение ходимини ўлдирганини иддао қилди

Афғонистон пойтахти Кобул манзараси.

ИШИД террор гуруҳи Афғонистон шарқидаги Жалолобод шаҳрида маҳаллий Enikass TV телеканалининг уч нафар аёл ходими ўлимига сабаб бўлган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Enikass TV телеканали нобуд бўлган аёллар 18 ёшдан 20 ёшгача бўлган мактаб битирувчилари эканини маълум қилди.
Телеканал ходимлари ишдан уйга кетаётганда отиб ўлдирилган.

Декабрь ойида ИШИД гуруҳи Жалолободда айни телеканалда ишлаган аёл ва унинг ҳайдовчисига қилинган суиқасд учун жавобгарликни ўз бўйнига олган эди.

Сўнгги ойларда Қатарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари олиб борилаётган бўлишига қарамасдан, Афғонистон бўйлаб журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва расмийларга ҳужумлар сони кўпайди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳларининг таъкидлашича, бу хуружлар Афғонистондаги мустақил фаоллар ва фуқаролик жамияти вакиллари овозини ўчириш ва уларни қўрқитиш мақсадида амалга оширилмоқда.