58 ёшли этник қозоқ Рақижан Зейнолла 17 йил деганда Хитой қамоғи ва “қайта тарбиялаш” лагеридан қутулиб, Қозоғистонга – оиласи бағрига қайтди.
9 апрель куни Олмаота халқаро аэропортида Зейноллани оила аъзолари, шу жумладан, рафиқаси ва умрида кўрмаган набиралари кутиб олишди.
Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Шинжон минтақасида миллионлаб мусулмон Пекиннинг оммавий қамаш ва мажбурий ассимиляция кампанияси қурбонига айланган.
Қатағон даҳшатини ёдга солиш учун бир гуруҳ шинжонликлар аэропортда Хитойда қамалган ёки тазйиққа учраган қариндошлари фотосуратларини қўлда тутиб турдилар. Зейнолланинг тақдири уларнинг қалбида умид уйғотди.
Айбсиз айбдор
Қозоғистон фуқаролигини олган Зейнолла 2004 йилда қариндошлари ва дўстларидан хабар олиш учун Олмаотадан Шинжонга борган. Аммо қисқа муддатли сафар ўлароқ режалаштирилган саёҳат у ва унинг оиласи учун узоқ йиллик машаққатли синовга айланди.
“Хитой ҳукумати уни жосусликда айблади ва 13 йилга озодликдан маҳрум қилди”, – дейди Зейнолланинг рафиқаси Фарида Қабилбек Озодлик радиосининг қозоқ хизмати билан суҳбатда.
Аёлнинг сўзларига кўра, эри оддий савдогар бўлиб, ҳеч қачон давлат идорасида ишламаган ёки сиёсий фаолият билан шуғулланмаган. Маълум бўлишича, Зейнолла Қозоғистонда таҳсил олиш умидида бўлган 20 га яқин шинжонлик ўсмирга ҳужжат тайёрлашда ёрдам бергани сабаб жосусликда айбланган.
Зейнолла 13 йил давомида қамоқда ўтирган. 2018 йилда қамоқдан “сиёсий қайта тарбиялаш” лагерига олиб кетилган. Бир ярим йилга чўзилган “тарбия машғулотлари”дан кейин уй қамоғида ўтирган. Ниҳоят, 17 йил деганда Қозоғистонга қайтишга муваффақ бўлган.
Курашчан аёл
Зейнолланинг Олмаотада қолган рафиқаси Фарида Қабилбек эри қамоқдан чиққач, уни ватанига қайтишига ёрдам беришларини сўраб Қозоғистон ваколатли идораларига қайта-қайта мурожаат қилган. Қозоғистон расмийлари Хитойга сўров юборилганини билдирган, аммо жафокаш оила бошқа ижобий жавоб ололмаган.
2020 йилга келиб умидсизликка тушган аёл Олмаотадаги Хитой консуллиги ва Нур-Султондаги Хитой элчихонаси олдида мунтазам равишда норозилик акцияларини ўтказади. Хусусан, у бир нечта марта ёлғиз ўзи пикет қилади. Шунингдек, у қариндошлари ва яқинлари Хитой лагерларида ушлаб турилган бошқа шинжонликлар билан елкама-елка норозилик намойишларида қатнашади.
2020 йил 14 январь куни Фарида Қабилбек Хитой консуллиги олдида пикет уюштиради. Олмаота шаҳри ҳокимлиги мулозими эса аёлга норозилик акцияси ноқонуний эканини айтиб танбеҳ беради.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 2017 йилдан бери мусулмон аҳолига қарши шафқатсиз тазйиқ сиёсати доирасида расмий Пекин Шинжонда юзлаб ҳибсхона қурди. Улар орасида “қайта тарбиялаш” лагерларидан тортиб росмона қамоқхоналаргача бор. Ҳуқуқ фаолларининг хавотир билан маълум қилишича, Шинжондаги қамоқхона ва лагерларда асосан этник уйғурлардан иборат камида 1 миллион мусулмон тутқунликда сақланмоқда. Гувоҳлар у ерда сақланаётганлар мунтазам равишда қийноқ, зўрлаш ва мажбурий меҳнат қурбони бўлаётгани ҳақида сўзлаб берган. Айрим аёллар мажбуран стерилизация қилинаётганида ҳақида хабарлар ҳам мавжуд.
Хитойнинг Шинжондаги ҳаракатлари Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистларнинг яҳудий ва лўлиларга қарши қатағонидан кейинги диний ёки этник озчиликка қарши энг йирик репрессия кампанияси ўлароқ баҳоланмоқда.
2021 йил январда президент Дональд Трамп маъмурияти Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда, дея хулоса берди.
Хитой расмийлари эса ушбу лагерлар бўлгинчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш марказлари эканини иддао қилмоқда.
Айни чоқда, Шинжонда қамоққа олинмаган мусулмонларнинг ҳам ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий равишда чекланган. Кўплаб масжидлар вайрон қилинган, жамоа етакчилари ҳибсга олинган. Расмий Пекин ассимиляция кампанияси доирасида Шинжондаги мусулмон оилаларга кўз-қулоқ бўлиши учун 1 миллиондан ортиқ этник хан давлат хизматчиларини минтақага сафарбар қилган.
Нур-Султоннинг сермаъно сукути
Қозоғистон ота-боболари юртига қайтган этник қозоқларга фуқаролик беради.
Зейнолла, рафиқаси ва икки фарзанди билан Совет Иттифоқи қулаганидан кейин Хитойдан Қозоғистонга кўчиб ўтган. Олмаотада яшай бошлаган оила 2003 йилда мамлакат фуқаролигини олган. 2004 йилда эса у тақдир синовларидан бехабар ҳолда Шинжонга йўл олган.
Зейнолла Хитойга кетаётганида тўнғич фарзанди 14, кенжаси эса 5 ёшда эди. Бу орада икки фарзанди ҳам мактабни тамомлаб турмуш қурди, фарзандли бўлди. Собиқ маҳбус келини, куёви ва невараларини илк маротаба Олмаота аэропортида кўрди.
Зейнолла оиласини қўллаб-қувватлаш учун аэропортга келган бошқа шинжонлик қозоқлар билан кўришди. Зейнолла уларнинг қариндошлари ҳам тез орада озод қилишига умид билдирди, аммо бошқа тайинли гап айта олмади.
“Ватанимга қайтганимдан бахтиёрман! Яшасин икки мамлакат ўртасидаги дўстлик!” – деди у.
Мавзуга алоқадор Олмаотада Шинжонда қамалган қозоқларни озод этиш талаби билан пикет ўтказилдиХитой расмийлари уни журналистлар билан суҳбатлашмаслик ҳақида огоҳлантирдими ёки йўқми деган саволга Зейнолла инкор мазмунида жавоб берди.
Фарида Қабилбекнинг айтишича, унинг норозилик акциялари тугади. Аммо бошқа қозоқ оилалари бедарак йўқолган яқинлари учун курашни давом эттирмоқда.
Шинжондаги қамоқхона ва лагерлар тўғрисида маълумот тўплаб келаётган “Реал Атажурт” кўнгилли гуруҳи раҳбари Бекзат Мақсутхоннинг сўзларига кўра, Зейнолланинг қайтиши мазлум оилалар учун умид бахш этади.
“Зейнолла халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ва бошқа институтларнинг Хитойга босими туфайли озод қилинди деб ҳисоблаймиз. Бу эса Хитойга қарши санкциялар ҳақиқатан ҳам натижа беришини исботлайди”, – дейди Мақсутхон.
Ўтган ой АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқи Шинжондаги жиноятлар туфайли бир қатор хитой амалдорига қарши санкция жорий қилди. Аввалроқ эса Вашингтон Хитой маъмурияти уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларга нисбатан репрессиялар давомида геноцид содир этгани тўғрисида декларация эълон қилган эди.
Қозоғистон ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг асосий сармоячисига айланган расмий Пекинни танқид қилишдан ўзини тийиб келади. Ҳукумат Хитойнинг ўз фуқаролари, жумладан, Шинжонда яшовчи 1,5 миллиондан ортиқ этник қозоққа нисбатан муносабатига аралашмаслигини билдирган.