2030 йилгача ижтимоий ҳимояга ажратиладиган маблағ ЯИМнинг 1,5 фоизига етказилиши режалаштирилди

Иллюстратив сурат.

Давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий ҳимоясига харажатлари ички ялпи маҳсулотга нисбатан 2019 йилги 1 фоиздан 2030 йилда 1,5 фоизга етказилади. Бу ҳақда президент 17 февралда тасдиқлаган 2021–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепциясида қайд этилди.

Мазкур концепцияга асосан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида масъул бўлган ягона орган тузилади. 2025 йилга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида туман (шаҳар)лар миқёсида Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

Мазкур марказлар тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, айниқса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидиялар бериш билан шуғулланади.

Бундан ташқари асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, таълим, парвариш ва бошқа зарур бўлган маҳсулотлар ва хизматлар олишга имконияти бўлмаган болаларга кўмаклашади. Кекса ёшдаги фуқароларни кафолатланган даромад билан таъминлайди.