2021 йилда Абдулла Орипов, Ўткир Хошимов ва Ботир Зокиров юбилейлари нишонланади

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрида вафот этган.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг мартида Абдулла Орипов, августида Ўткир Хошимов, декабрида Ботир Зокировнинг юбилейлари давлат даражасида тантанали нишонланади. Бу борадаги қарорларни президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрда имзолади.

2021 йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади.

Шоирнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик “Танланган асарлар”и, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламлари, шунингдек, “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида” китоби нашр этилади.

2021 йил август ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кеча ўтказилади.

Адибнинг ўзбек тилидаги “Танланган асарлар”ини, қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини, шунингдек, “Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Ўткир Ҳошимов номи берилади.

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги эса 2021 йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида нишонланади.

Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада олий мактаби ва мактаб қошида хонанда хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ва музейи ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров ҳайкали ўрнатилади. Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага Ботир Зокиров номи берилади.

Ўзбекистон давлат филармониясининг Миллий эстрада-симфоник оркестри билан Ботир Зокиров номидаги эстрада оркестрини бирлаштириб, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада-симфоник оркестри ташкил этилади.