Хитой фуқаро авиацияси бошқармаси Тошкент-Сиан қатновининг 11 нафар йўловчисида COVID-19 тести мусбат натижа бергани ортидан Uzbekistan Airways учоқлари парвозига кейинги ҳафтадан вақтинча жорий қилди.
Синхуа агентлигининг хабар қилишича, йўловчилари коронавирус юқтириб олган учоқ Хитойга 5 ноябрь куни келган. Шу важдан Uzbekistan Airways авиаширкати томонидан амалга оширилаётган HY501 қатновини 23 ноябрдан бошлаб тўрт ҳафтага тўхтатиб қўйишга қарор қилинган.
Мазкур қарор Хитой фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан шу йил 4 июнидан киритилган тартибга мувофиқ қабул қилинган. Бу тартиб мувофиқ, учоқда коронавирусга чалинганлар бор-йўқлигига қараб авиаширкатни рағбатлантириш ёки жазолаш кўзда тутилган.
Агар Хитойга келаётган қатнов йўловчиларидан кетма-кетига уч ҳафта коронавирус чиқмаса, авиаширкатга ўз қатновларини ҳафтасига икки марта амалга ошириш учун рухсат берилади.
Вирус юқтириб олган йўловчилар сони 5 нафарга етса, мазкур қатнов бир ҳафтага тўхтатиб қўйилади. Бундай йўловчилар сони 10 нафарга етган тақдирда эса, қатнов тўрт ҳафтага тўхтатилади.
Бошқарма қатновлар тўхтатилганига оид маълумотларни мунтазам равишда эълон қилиб боради. Биргина 18 ноябрь куни мазкур рўйхатга ўндан зиёд авиаширкат киритилган. Хитой расмийлари шу тариқа коронавирус инфекцияси ёйилишини тўхтатиб қолишга уринмоқдалар.