Капитолий Трамп тарафдорларидан тозаланди. Сенат ўз ишини қайта бошлади

Капитолийга бостириб кирган Трамп тарафдорлари.

Президент Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киргани ортидан узилиб қолган Сенатнинг ялпи мажлиси қайта бошланди. Сенат ноябрь ойида ўтган президентлик сайловида Жо Байден ғалаба қилганини тасдиқлаши лозим.

Сенат йиғилишини вице-президент Майк Пенс очиб берди. У Конгресс биноси Трамп тарафдорлари томонидан босиб олинганини қоралади.

“Бугун Капитолийда хаос уюштирганлар билинг-ки, сиз ютқаздингиз”,-деди Пенс.

Хабарларга қараганда, тартибсизлик пайтида кўксидан ўқ еган аёл касалхонада вафот этган.

Сенаторлар мажлисни бошлаган пайтда, Вашингтонда соат 18дан бошлаб комендантлик соати жорий этилгани ва полициянинг кўплигига қарамасдан, Конгресс биносида Трампнинг яна юзлаб тарафдорлари қолаётган эди.

Капитолий Трамп тарафдорлари бостириб кирганидан тўрт соат ўтганидан сўнг “хавфсиз” деб эълон қилинди.

6 январь куни Президент Трампнинг қуролли тарафдорлари Вашингтонда полиция билан тўқнашди ва АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди.

Капитолийда тартиб ўрнатиш учун Миллий гвардия кучлари сафарбар қилинди. Сўнгги хабарларга кўра, Конгресс биносида хавфсизлик қайта тикланган.

Конгрессга бостириб кирганларга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланилди.