Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар 29 953 тага етди.
Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига кўра, энг кўп қоидабузарлик Тошкент шаҳрида қайд этилган (4929 та ҳолат)
28438 та ҳолатда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан юриш аниқланган бўлса, 360 та ҳолатда карантин жойи ташлаб кетилган. Шунингдек, ИИВ 954 та ҳолатнинг бошқа сабаблар билан боғлиқ эканини маълум қилди.
Шу билан биргаликда, республика миқёсида карантин ва эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 11 та жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг 6 таси санитария ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларининг бузилиши (Жиноят кодексининг 257−1- моддаси), 2 таси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш (244−5-модда) ҳамда 3 таси ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш (228-модда) билан боғлиқ.