Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб 31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади. Бу ҳақда президентнинг “Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилди.
Бундан ташқари 2023 йил 1 сентябрга қадар туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан учрашувида бу каби енгилликлар берилишини ваъда қилган эди.
Президент ўшанда 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини ер ва мулк солиғидан озод этилишини айтган. Президентга кўра, бунинг оқибатида умумий овқатланиш тизими 30 миллиард сўм қўшимча кўмакка эга бўлади.