Ўзбекистонда 2021 йил июнига қадар аҳолининг 60 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режаланган. Бу ҳақда, газета.uz хабарига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов “COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича янги илмий маълумотлар” виртуал симпозиуми чоғида маълум қилган.
Мулозим ҳозирги кунда Ўзбекистонда эмлаш ишларини ташкил этиш бўйича бир қанча тадбир амалга оширилаётганини билдирган.
“Ҳозир биз дунёда ким биринчи бўлиб ўз вакцинасини қайддан ўтказишини, сўнгра сота бошлашини кутяпмиз”, деган Б. Қурбонов.
Мулозим шу кунда Ўзбекистон томони вакцина сотиб олиш бўйича хусусий тузилмалар билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилган.
“Вакцинани олишимиз билан одамларни эмлай бошлаймиз”, деган Ботиржон Қурбонов.
Аввалроқ инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Халқ сўзи” нашрига берган суҳбатида Ўзбекистонда Хитой, Россия, Европа ва АҚШ вакциналарини синовдан ўтказиш режаланганини билдирган эди.