2021-2022 йилларда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни давлат объектларини хусусийлаштириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, жорий йилда 4 триллион 500 миллиард сўмлик 619 та давлат активи сотилган.
2022 йилда стратегик корхоналар бошқарувига халқаро малакага эга менежерларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Президентга кўра, қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган активларни сотиш жараёнида таклифларни қабул қилиш ва уларни баҳолаш мустақил хорижий консультант томонидан амалга оширилади.
2022 йилда 32 та йирик давлат активини сотиш, “Ўзсаноатқурилишбанк”ни хусусийлаштириш, давлат корхоналарининг 368 та носоҳавий ва самарасиз активларини савдога чиқариш режалаштирилган. Ҳудудларда 770 та актив сотишга тайёрланган. Булар орқали бюджетга қарийб 10 триллион сўм тушум таъминланиши кўзда тутилган.