Келгуси ҳафтада АҚШ ва Хитой расмийлари Аляскада учрашади

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен.

Америка Қўшма Штатлари ва Хитой расмийлари келаси ҳафта Аляскада учрашади. Бу Жо Байден президент бўлганидан бери дунёнинг икки қудратли мамлакати ўртасидаги илк йирик тўғридан-тўғри музокара бўлади.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен ва АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 18 март куни Алясканинг Анкориж шаҳрида Хитойнинг ташқи сиёсат бўйича юқори мартабали расмийси Ян Цзечи ва ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашади.

Учрашув давомида кенг кўламли масалалар кўриб чиқилади.

Байден маъмурияти Дональд Трамп Хитойга нисбатан олиб борган қатъий сиёсатни давом эттириши кутилмоқда. Савдо можаролари, Гонконг демократия ҳаракати кескин бостирилгани, Шинжонда этник уйғурлар геноцид қилинаётгани ва Пекиннинг Тайвань яқини ва Жанубий Хитой денгизидаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар совиб кетган.

Аммо АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий қурол дастурини тўхтатиш, Мьянмадаги ҳарбий тўнтаришга қарши туриш ва иқлим ўзгариши масалаларида Хитой билан ҳамкорлик қилишни кўзламоқда.