Pfizer корпорацияси BioNTech билан биргаликда ишлаб чиққан COVID-19 га қарши ўз вакцинаси клиник синовлари поёнига етгани ҳамда яқин кунлар ичида препаратни рўйхатга олиш учун АҚШ ва бошқа мамлакатлар расмийларига мурожаат қилишини билдирди.
Баёнотда вакцинанинг самарадорлик кўрсаткичи аввалгидан ҳам юқори бўлиб чиққани қайд этилган. Аввалроқ Pfizer ўз вакцинаси 90 фоиз самара берганини билдирган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 95 фоизга тенг бўлганини очиқлаган.
Айтилишича, клиник синовларнинг учинчи босқичида иштирок этган 43 мингдан зиёд кўнгиллидан 170 нафари коронавирусга чалинган. Улардан фақат 8 нафари эмланган, холос, қолганларга плацебо қилинган.
Pfizer вакцинани сақлаш учун музли махсус контейнерларни ҳам ишлаб чиққанини маълум қилган (препаратни -70 даражадан юқори бўлмаган температурада сақлаш тавсия қилинган).
Тахминларга кўра, ширкатлар 2020 йилда 50 миллион доза, 2021 йилда эса бир миллиард дозадан кўпроқ вакцина ишлаб чиқаради. Вакцинанинг АҚШда қачон рўйхатга олиниши ҳозирча маълум эмас. Препаратнинг рўйхатга олиниши коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш кампанияси бошланиши мумкинлигини англатади, бу эса, кўплаб мутахассислар фикрига кўра, пандемияга барҳам бериши мумкин.
Ўн кунча муқаддам Pfizer вакцинаси 90 фоиз самара бериши ҳақида маълумот тарқатилганди. Шундан сўнг АҚШнинг Moderna ширкати томонидан ишлаб чиқилган яна бир вакцина 94,5 фоиз самара бериши ҳақида билдирилган.