Толибон пойтахтни эгаллаганидан сўнг мамлакатни тарк этиш учун Кобул аэропортига йиғилган минглаб одамлар саросимага тушгани ортидан камида беш киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
15 августдан бери ижтимоий тармоқда тарқалаётган тасвирларда Кобул аэропортига эвакуация учун борган минглаб афғонистонлик саросимада ҳарбий самолётларга чиқиб олишга уринаётгани, мамлакатдан қочиш умидида самолётларнинг корпус ва бошқа қисмларига осилиб олганлар эса ҳаводан ерга қулаб тушаётгани акс этган.
Қочаётганлар орасида кексалар ва ёш болали аёллар ҳам бор. 15 август куни тунда тарқалган бошқа видеоларда эса ўқ отилаётгани ҳам эшитилган.
Расмийлар Кобул аэропортида ҳалок бўлган одамлар ҳақида сукут сақламоқда. АҚШ расмийлари эса америкалик дипломатларни эвакуация қилиш учун жўнатилган самолётга тирмашаётган оламонни тарқатиш учун ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлганларини билдирди.
АҚШ ҳукумати ҳудудни одамлардан тозалаш, тартиб ўрнатиш ва парвозларни қайта тиклаш учун аэропортни вақтинча ёпганини эълон қилди. Аввалроқ АҚШ Кобул аэропорти хавфсизлигини эвакуация жараёнида ўз зиммасига олишини билдирган эди.