Афғонистон пойтахти Кобулда 1 декабрда содир этилган теракт оқибатида Россия элчихонаси ходимлари жароҳатланди. Қўлбола бомба портлаган пайтда рус дипломатлари автомобилда кетаётган бўлган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг билдиришича, элчихона ходимлари енгил контузия олишган. Жароҳатланган дипломатлар сони ҳақида маълумот берилмади.
Теракт Россия элчихонаси яқинида содир этилган. Дастлабки маълумотларга қараганда, террорчи дипломатлар машинаси олдида кетаётган Афғонистон хавфсизлик кучлари пикапини портлатмоқчи бўлган.
Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги “теракт Россия фуқароларига қаратилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмаслиги”ни таъкидламоқда.
Россия Афғонистон ҳукуматидан бу ҳодисани диққат ва эътибор билан тергов қилишни талаб этмоқда.