Коронавирус пандемиясидан энг кўп азият чекаётган Италия расмийлари 10 март куни жорий қилинган чекловлар муддатини узайтиришга қарор қилди.
Бош вазири Жузеппе Конте:
- Кўраётган чораларимиз аввал режалаштирилгандан узоқроқ давом этиши керак, — деди.
Айни дамда италияликлар фақат иши билан боғлиқ ёки тиббий мақсадлардагина мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши мумкин. Бу чекловлар бошида 3 апрелгача давом этиши айтилган эди.
Шунингдек, мамлакатда озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналардан ташқари барча савдо нуқталари 25 мартгача ёпилди.
Айни пайтда Италияда янги вирусдан ҳалок бўлганлар сони коронавирус тарқала бошлаган Хитойдаги ўлимлар сонига яқинлашмоқда.
19 мартга қадар Италияда 2900 киши COVID-19 коронавирус инфекцияси туфайли ҳалок бўлди. Аҳолиси Италияникидан 23 марта кўп бўлган Хитойда эса бугунга қадар вирусдан 3200 киши ўлди.
Эрон ҳам эпидемиядан қаттиқ азият чекмоқда. Мамлакатда вирусдан ўлганлар сони 1100 дан ошди.