Коронавирусга чалинганлар 73 мингдан ошди. Вазирлик ўлганлар ҳақида маълумот беришни тўхтатди

30 ноябрь куни янги касалланган 67 кишининг барчаси Тошкент шаҳрида аниқланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 73 041 кишига етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Маълумотга қараганда, 30 ноябрь куни янги касалланган 67 кишининг барчаси Тошкент шаҳрида аниқланган.

Айни пайтда вазирлик 28 ноябрдан бери коронавирусдан ўлганлар тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда. 28 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлганлар сони 608 кии бўлганини қайд этган эди.

Аммо жамоатчилик Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга ишончсизлик билдириб, ўлганлар сони расмий кўрсаткичдан кўра кўпроқ деб ҳисоблаб келмоқда.

Коронавирусдан ўлимлар сони бўйича мустақил статистикани олиб бораётган “Дарё” нашрининг ёзишича, 1 декабрь ҳолатига кўра, коронавирусдан камида 627 киши ўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус юққанлардан 70 303 нафари тузилиб, соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил қилганини билдирди. Ҳозирда касалхоналарда 2130 нафар бемор даволанмоқда.