Коронавирусга чалинганлар сони 74 мингдан ошди. Ўлганлар ҳақида расмий маълумот бериш тўхтатилди

Тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2113 нафар бемордан 179 нафари оғир, 34 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир суткада яна 153 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 74 206 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 111таси Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 71 482 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2113 нафар бемордан 179 нафари оғир, 34 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ҳафтадан бери коронавирусдан ўлганлар ҳақида маълумот беришни тўхтатди. Айни пайтда вазирлик коронавирусдан вафот этганлар бўлмаётгани ҳақида ҳам бирор маълумот бермаган.

Бироқ коронавирусдан ўлимлар сони бўйича мустақил статистикани олиб бораётган “Дарё” нашрининг билдиришича, шу кунгача вафот этган беморлар сони 630 кишини ташкил қилган.