Жаҳон молиявий бозорлари, жумладан, АҚШ биржалари сўнгги ўттиз йилда кузатилмаган даражада қулади. Бунга янги коронавируснинг жаҳон бўйлаб тез суръатда тарқалаётгани ҳамда унга қарши кураш доирасида кўрилаётган кескин чоралар сабаб бўлди.
16 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп америкаликларни 10 ёки ундан кўп одам тўпланган жойларга бормасликка чақирди.
Президент кишилар ўртасида масофа сақлаш тавсияси ёзгача ўз кучида қолиши мумкинлигини айтди. Бу эса шусиз ҳам саросимага тушган молиявий бозорларни қаттиқ хавотирга солди.
16 март куни The Dow Jones Industrial Average биржа индикатори 12,9 фоизга пастлади. Бу биржа тарихида 1987 йилда содир бўлган «қора душанба»дан бери қайд этилган энг йирик қулашдир.
Коронавирус пандемияси Трамп президентлиги давомида молия бозорларида эришилган натижани деярли бутунлай йўққа чиқарди.
Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трамп АҚШ иқтисодий бўҳронга дучор бўлиши мумкинлигини айтди, аммо бу кўпга чўзилмаслигига ишонишини қўшимча қилди.
Президент, шунингдек, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилишига умид қилаётганини айтди. Хабарларга кўра, АҚШда янги вакцина 1-босқич клиник синовидан ўтмоқда.