Ўзбекистон коронавирусга қарши Хитой вакцинаси клиник синовларининг учинчи босқичини 5000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабгор ўртасида ўтказишни ўз зиммасига олди.
“Кун уз” нашрининг Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Феруза Хўжаевага таяниб маълум қилишича, Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ва вазирлик ўртасида вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Расмий синовда иштирок этиш учун 6 ноябрь куни мазкур вакцинани яратиш ва ишлаб чиқишда қатнашган бир гуруҳ хитойлик олимлар Ўзбекистонга келиши кутилаётганини ҳам билдирган.
Вакцина 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгиллиларда синаб кўрилади ва бунинг учун уларга ҳақ ҳам тўланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Мавзуга алоқадор Хитой вакцинасини Ўзбекистонда клиник синовдан ўтказиш режалаштирилдиИнновацион ривожланиш вазирлиги 22 октябрда коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказгани тўғрисида билдирганди.
Клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланган.