Коронавирусга қарши Хитой вакцинаси синовида қатнашиш истагини билдирганлар 14 мингдан ошди

Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган.

Инновациялар вазирлигининг билдиришича, 5 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинаси синовларида иштирок этиш истагини билдирганлар сони 14 008 нафарга етди.

Хабарда айтилишича, кўнгиллилардан 6484 нафари вакцинанинг 1-дозаси билан ва 1045 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси билан эмланди.

“Вакцина олиш истагида келган ҳар бир фуқаро рўйхатдан ўтказилади. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Кейин эса тартиб қоидага мувофиқ унинг антропометрик белгилари - бўйи ва вазни ўлчанади. Шунингдек, иммунофермент (ИФА) таҳлил синамасини олишга кўрсатма берилади. Ушбу текширувнинг натижаси 20 дақиқа ичида тайёр бўлади. Бу орқали қонда вирусга қарши антитаначалар бор ёки йўқлигига аниқлик киритилади. Бу эса фуқаро олдин коронавирусга чалинмаганлигини билиш учун керакли фактордир”,-дейилади хабарда.

Аввалроқ мазкур вакцинанинг III фаза клиник синовларида 18 ёшдан катта, сурункали касалликларга чалинмаган, 5000 та кўнгилли иштирокчиларни жалб этиш режалаштирилгани, ҳозирда кўнгиллилар рўйхатини шакллантириш билан бир қаторда танлаб олинган кўнгиллиларга 1-доза вакцина билан эмлаш ишлари олиб борилаётгани билдирилган.

Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган. Синов жараёни 2022 йил январигача давом этади.