Ўзбекистон Хитойнинг коронавирусга қарши Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical вакцинаси синовининг учинчи босқичини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Вакцина 5 минг кўнгиллида синаб кўрилади. Бу ҳақда Инновациялар вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Алишер Абдуллаев Maxima радиосига берган интервьюсида билдирди.
Расмийнинг айтишича, Хитой вакцинаси айни пайтда Тошкентга олиб келинган ва махсус шароитда сақланмоқда. Синов фақат Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Абдуллаев вакцина синови учун ёши 18дан 59гача бўлган 5 минг эркак ва аёл танлаб олинишини билдирди. Бунинг учун Тошкент шаҳридаги ҳар бир поликлиникада кўнгиллилардан иборат гуруҳлар ташкил этилади.
Кўнгиллилар жиддий ва хроник касаллиги, аллергияси йўқ ва COVID-19 билан оғирмаган ёки синов бошланиши арафасида коронавирусга чалинмаган бўлишлари лозим.
Синовдан олдин матбуотда кўнгиллилар танланаётгани тўғрисида эълон берилади ва улар тиббий кўрикдан ўтказилади.
Абдуллаевга кўра COVID-19га қарши Хитой вакцинаси хавфсиз бўлгани учун ҳам Ўзбекистонда синов ўтказилиши учун танлаб олинган.
Бундан ташқари, кўнгиллиларга синовнинг учинчи босқичи якунида пул мукофотлари берилади. Шунингдек, кўнгиллилар тиббий суғурта қилинади.
Абдуллаевнинг айтишича, Ўзбекистонда синов пайтида жиддий мониторинг ўтказилади ва вакцинанинг қандайдир тескари таъсири аниқланса, синов вазият ойдинлашгунича тўхтатилади.
Аввалроқ инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Халқ сўзи” нашрига берган суҳбатида Ўзбекистонда Хитой, Россия, Европа ва АҚШ вакциналарини синовдан ўтказиш режаланганини билдирган эди.