Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 7 октябрь куни маълум қилди.
Расмийнинг билдиришича, автоаварияларда 5920 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Аварияларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида юзага келган.
Аввалроқ Ўзбекистонда январь-июнь ойлари оралиғида юз берган автоаварияларда 954 киши ўлгани, улардан 104 нафари болалар экани билдирилган.
Маълумот учун: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, коронавирус пандемияси бошланган 2020 йилнинг март ойидан шу кунгача Ўзбекистонда вирусдан расман 1 минг 260 нафар, коронавирус оқибатида келиб чиққан пневмониядан 233 нафар бемор вафот этган.