Коронавирусдан ўлганлар сони 1500 га яқинлашди. Аварияларда ҳалок бўлганлар икки баробар кўп

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 15 декабрь куни, коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан касалликдан ўлганлар сони 1449 нафарни ташкил қилди.

Бир кун ичида 220 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, COVID-19 га чалинганлар умумий сони 196 522 кишига етди. Улардан 193 277 нафари соғайган.

Вазирлик расмийлари пандемия бошланган 2020 йилнинг мартидан то шу кунгача коронавирусдан ўлганлар сони тўғрисида тақдим этган рақамлар автоаварияларда ҳалок бўлганлар сонидан икки баробарга камдир.

Жаҳон давлатларида автоавариялардан ўлганлар сони коронавирусдан ўлганлар сонидан бир неча баробар кам бўлган, аммо Ўзбекистонда бунинг аксини кузатиш мумкин.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 7 октябрь куни Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирган.

2020 йилда эса йўл-транспорт ҳодисаларида 1962 киши қурбон бўлди.