«Коронавирусдан ҳоли» бўлган Туркманистонда изоляция чора-тадбирлари кучайтирилмоқда

Ашхабод манзараси.

Мамлакатда коронавирус мавжудлигини шу кунгача расман тан олмаган Туркманистон ҳукумати COVID-19га қарши қаратилган чора-тадбирларни кучайтирмоқда.

Мамлакатда хусусий дўконлар, кўча савдогарлари ва умумий овқатланиш шохобчалари фаолиятига киритилган чекловлар 1 ноябрдан бекор қилиниши лозим эди. Бироқ ҳукумат бу чекловлар муддатларини яна узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

1 ноябрдан, шунингдек, дафн маросимлари, тўйларни ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳам тақиқланади. Ҳукумат бундай чеклов сабабларини тушунтирмади, маҳаллий ҳукуматлар эса “юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш” учун мана шундай чоралар кўрилаётганини билдирмоқда.

Туркманистонда коронавирус билан боғлиқ беморлар сони кескин кўпайгани ортидан мазкур чекловлар август ойида жорий этилган эди. Аммо хусусий дўконлар яширин равишда ишлашда давом этган.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларининг билдиришларича, айрим савдогарлар чекловга қарамай савдо-сотиқни давом эттириш учун полиция ходимларига пора бермоқда. Айрим одамлар ҳам кўп кишилик оилавий тадбирларни ўтказиш учун полицияга пул бермоқда.