Коронавируснинг британча штаммига чалинганликда гумонланган 33 бемор текширилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 январь куни Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми илк бор қайд этилгани ҳақида хабар берган.

Ўзбекистонда коронавируснинг британча штаммига чалинганликда гумонланган 33 бемордан ташхис қўйиш учун анализ намуналари олинди. Бу ҳақда 1 февраль куни АОКАдаги брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Анализ намуналари айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан текширилмоқда.

“Шу кунгача марказ томонидан британча штамм мавжудлиги эҳтимоли бўлган COVID-19 вируси аниқланган 33 нафар беморнинг бурун бўшлиғидан олинган суртмалар текширилди”,-деди Нурмат Отабеков.

Расмий ҳозирча текширилганлардан қанчасида коронавируснинг британча штамми аниқлангани, улар қайси асосларга биноан гумонланаётгани ҳақида маълумот бермади.

Отабековга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан британча штаммни генетик аниқлаш жараёнига тахминан 5 кун вақт сарфланди. Олинган ташхис натижалари эса уч босқичда текширилади ва бу мураккаб жараён ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 январь куни Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми илк бор қайд этилгани ҳақида хабар берган.

Вазирликка кўра, янги штамм 2021 йилнинг 23 январ куни БААдан Тошкентга оила аъзолари билан қайтган 10 ёшли қизчада аниқланган.