Андижонда “ер сотилишини фош этиб” прокурорнинг аттестациядан ўтказилишини талаб қилган депутат даҳлсизликдан маҳрум қилингани “оқлаб бўлмайдиган ҳолатдир”. Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 18 май куни мана шундай баёнот тарқатди.
Аввалроқ Андижон шаҳар Кенгашининг 17 майда ўтган сессиясида прокурор тақдимномасига асосан даҳлсизлик тўғрисидаги қонун меъёрига амал қилмаган ҳолда депутатлар тинтув қилингани ҳамда ерлар ноқонуний сотилаётганини фош қилиб, шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилган депутат Ш.Каримовдан даҳлсизлик мақоми олиб ташлангани хабар қилинган эди.
“Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимиз кун тартибидаги асосий масалаларидан бири бўлиб турган, бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилаётган бир пайтда бевосита коррупцияга қарши курашиш фаолияти билан шуғулланувчи идора томонидан коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиш ўрнига, унга нисбатан турли таъсир чоралари қўлланилаётганини оқлаб бўлмайди”,-дейилади агентлик баёнотида.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолат назоратга олинганини ва натижалари бўйича қўшимча ахборот берилишини ҳам маълум қилди.