Маданият вазирлиги: Бундан буён болалар боғчаларида мақом куйланади

Болалар боғчаларида мақом эшиттириш тўғрисида меморандум имзоланди.

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг боғчаларда ҳар куни мақом ва миллий куйлар қўйиш таклифи яқин кунларда амалга оширилиши кутилмоқда.

Маданият вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, болаларга мақом ва бошқа миллий куйлар қўйиб бериш лойиҳаси юзасидан Маданият ва Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида меморандум имзоланган.

“Маданият вазирлиги мактабгача таълим муассасалари учун мақом куйларидан сараланган махсус мусиқий тўплам яратган. Болаларни мунтазам мақом куйлари билан баҳраманд этиш режалаштирилган. Болаларга уларнинг тушлик дам олиш вақтларида белгиланган меъёр асосида мақом куйлари қўйиб берилади”,-дейилади расмий хабарда.

2020 йилнинг 10 ноябридан бошлаб Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланганди.

Халқ таълими вазирлиги Маънавият бошқармаси вакили Акбар Тоғаев Озодлик билан суҳбатда бу тадбир ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун жорий қилинганлигини таъкидлаган эди.

Мавзуга алоқадор Қамоқхоналардан мактабларга: Ўзбекистон давлат мадҳиясини куйлаш мажбурий бўлди