Мактаб директорларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш 2021 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Президент имзолаган «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга асосан мана шундай тартиб жорий этилади.
Фармонга асосан, мактаб директори номзодини ҳудудий халқ таълими бошқармалари туман (шаҳар) кенгашларига таыдим этади. Кенгашлар эса директорларни танлов орқали танлаб олади.
Мактаб директорлигига номзодлар танловда ўзларининг мактаблари фаолиятини кейинги уч йил ичида юқори даражага кўтариш дастури билан қатнашади. Кенгаш томонидан танланган номзодлар умумтаълим мактаблари директорлари лавозимига ҳудудий халқ таълими бўлимлари томонидан тайинланади.
Шунингдек, йилнинг охирларида мактаб директорлари дастурнинг бажарилиши тўғрисида кенгашларга ва жамоатчиликка ҳисобот беради. Мазкур ҳисобот директор фаолиятини баҳолайдиган мезон бўлади.
Бундан ташқари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар халқ таълими бўлимлари мудирлари бир вақтнинг ўзида ҳокимларга таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлади.