Мактаб ўқувчиларининг муштлашуви оқибатида бир ўсмир оғир тан жароҳати олди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги мактаблардан бирида икки нафар юқори синф ўқувчисининг мушталушви улардан бирининг оғир тан жароҳати олиши билан якунланди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг 15 март куни билдиришича, воқеа 9 март куни содир этилган.

“9 март соат 11:00 ларда мактабнинг 10-синф ўқувчиси 16 ёшли Акмал мактаб ҳудудида 11-синф ўқувчиси 17 ёшли Ойбек билан жанжаллашиб қолган ва бир-бирига ким зўрлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган. Акмал Ойбекнинг жағ қисмига мушти билан ургани оқибатида ерга йиқилиб, бош мия ёпиқ синиши, энса суяк синиши каби жароҳатлар олган”, — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Акмалга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) асосида жиноят иши очилди. Ўсмир мазкур модда асосида 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

13 март куни Тошкентдаги Сингапур ва Вестминстер университетлари талабалари ўртасида футбол мусобақасидан сўнг оммавий муштлашув содир этилгани хабар қилинган эди.

8 январь куни эса Тошкентдаги “Троя” кафесида 45 киши иштирокида оммавий муштлашув юз берганди.