Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Қашқадарё вилоят Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик”да гумонланиб қўлга олинган 12 киши орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлгани тўғрисида ДХХ тарқатган маълумотни рад этди.
Вазирликнинг расман билдиришича: “Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Бошчорбоғ” фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро З.Қ.,нинг хонадонида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда бир гуруҳ фуқаролар “Жиҳодчилар” оқими вакиллари сифатида қўлга олинган.
Ўрганишлар давомида ушбу фуқаролар орасида “Бошчорбоғ” фуқаролар йиғини раиси М.Т., борлиги ўз исботини топмаган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари ичида фуқаро М.Т.,нинг укаси, 1975 йилда туғилган Ҳ.Т., бўлгани аниқланган”.
1 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳам ДХХнинг қўлга олинган шахсмлар орасида маҳалла имоми бўлгани тўғрисидаги маълумотига раддия берган эди.
31 октябрь куни ДХХ матбуот хизмати Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани тўғрисида расман хабар берганди.
Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.