“Ўзбекнефтегаз” АЖ, Uzbekistan GTL ёки лойиҳа бош пудратчиси, ENTER Engineering Pte. Ltd. компанияси Қашқадарёда қурилаётган Uzbekistan GTL заводи ускуналарини монтаж қилишга бангладешлик мутахассисларни жалб қилиш бўйича шу кунгача Ташқи меҳнат миграция агентлигидан тасдиқнома олиш учун мурожаат қилган эмас. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг баёнотида айтилган.
Қурилиши давом этаётган Uzbekistan GTL заводига Бангладешдан 888 нафар ишчи олиб келинаётгани хусусида Озодлик 10 ноябрь куни хабар қилганди. Бу ишчилар заводни қураëтган Enter Engineering ширкатида келаси ҳафтадан иш бошлаши айтилган.
“Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, иш берувчи чет эл фуқаросига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграция агентлигига мурожаат қилиш лозим, бироқ, Меҳнат вазирлиги қайдича, бангладешликларнинг Ғузорда ишлаши учун тасдиқнома бериш илтимоси билан ҳеч ким мурожаат қилмаган.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “ENTER Engineering Pte. Ltd.” компанияси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигидан Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси учун жалб қилинаётган хорижий иш кучи тўғрисида тегишли маълумотлар сўралган ва ўрганилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Меҳнат вазирлиги мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида талаб қилинадиган бўш иш ўринларига маҳаллий ишсиз аҳолини жалб этиш, уларнинг малака даражаси етарли бўлмаганда бепул касбий ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирган ҳамда бу масалани ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилишини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Enter Engineering ширкатининг минглаб маҳаллий ишчилари жорий йил 21 октябрида стихияли норозилик акциясига чиққан эди. Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.
Озодлик суҳбатлашган Enter Engineering ишчиси ғалаëндан кейин юзлаб ишчилар ишдан бўшатилгани ва 20 дан зиëд ишчи устидан жиноят иши очилганини айтиб¸ “бангладешлик ишчилар бизнинг ўрнимизни эгалламоқда”, деган.