Мижозлар Тошкентдаги 6 та тижорат банки фаолиятини “қониқарсиз” деб баҳолади

Тошкентдаги Марказий банк биноси.

Банк хизматлари истеъмолчиларини Тошкентдаги Пойтахтбанк, Микрокредитбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Агробанк, Халқ банки ва Давр-банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати қониқтирмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан пойтахтда ўтказилган сўровнома натижаларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, тижорат банкларида банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан сўровнома банклар мижозлари билан юзма-юз савол-жавоб шаклида ўтказилиб, унда 1 минг 92 та респондент (450 нафари жисмоний шахс ва 642 таси тадбиркорлик субъекти) иштирок этган.

Мазкур сўровнома 4 та мезон (ишончлилик, кўникма, ҳозиржавоблик ҳамда мижозларни қўллаб-қувватлаш) асосида ўтказилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчилар томонидан 5 та банкда (Ипак йўли банк, Азия Альянс банк, Инвест Финанс банк, Ориент Финанс банк, Капиталбанк) хизмат кўрсатиш сифати бошқа банкларга нисбатан “яхши”, 8 та банкда эса (Ўзсаноатқурилишбанк, Ўзмиллийбанк, Трастбанк, Ҳамкорбанк, Алоқабанк, Ипотека-банк, Туронбанк, Асака банк) кўрсатилаётган хизматлар “қониқарли” деб баҳоланган.

МБ банклар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш бўйича тадбирларни бундан буён ҳам банк хизматлари истеъмолчилари ўртасида даврий сўровномалар ўтказиш орқали давом эттириши ҳамда ўрганиш натижаларини ўз коммуникация каналлари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этиб боришини билдирган.