“Миллий тикланиш” партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳамеджанова партия расмий сайтида Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклиф қилинган мақолани чоп этди.
Мақоланинг ёзилишига 8 сентябрь куни Навоийдаги мактаблардан бирининг ўқувчилари ижтимоий тармоқларда дарс пайти жонли эфир ўтказиб, ножўя сўзларни айтгани сабаб қилиб кўрсатилган. Кейинроқ ўқувчилар бу ҳаракатлари учун “узр сўрашган”.
Феруза Муҳамеджанова мақоласида: “Партия TikTok ижтимоий тармоғини болалар учун хавф майдони деб ҳисоблайди ва шу боис ушбу тармоқ фаолиятини бутунлай чеклаш тарафдори”,-деб билдирди.
Июль ойида Ўзбекистонда “Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг қонуний талаблари” бузилганлиги учун Twitter, TikTok ва ВКонтакте каби қатор ижтимоий тармоқлар фаолиятига чекловлар қўйилган эди.