Мирзиёев Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилди

Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида, Тошкент, 2020 йил 11 ноябри.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Ш. Мирзиёев Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика, таълим ва бошқа муҳим йўналишларда устувор лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида қайд этиб, Афғонистонда минтақавий аҳамиятга молик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлаган.

Абдулла Абдулла Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашга ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаган ҳамда Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган доимий кўмак учун миннатдорлик билдирган.

Музокаралар чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатнинг томонларни қизиқтирган масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Шу куни афғонистонлик юқори лавозимли меҳмон Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашган.

ТИВ маълумот хизматининг маълум қилишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Афғонистоннинг турли соҳалардаги кўп қиррали муносабатлари ҳолати ва уларни янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинган. Шунингдек, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.

Айни пайтда транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.