Мирзиёев бундан буён ССВ фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини билдирди

Ўзбекистонда бундан буён Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятига, унинг кадрлар масаласига ҳеч ким аралашмайди. Бош шифокорлар, врач ёки бошқа тиббиёт ходимлари уларга тегишли бўлмаган бирорта қўшимча ишларга жалб қилинмайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни ўтган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Йиғилишда Ш. Мирзиёев қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтган.

Президент тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқлигини урғулаган.

“Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд врачлик штати мавжуд, лекин 12 минг шифокор ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари учун жозибадор эмас”, деган Ш. Мирзиёев шифокорларга муносиб шароит яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Йиғилишда, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, келгуси йилда 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш вазири алмашгани тўғрисида хабар қилганди.