Мирзиёев давлат ташрифини амалга ошириш учун Остонага етиб борди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 август куни давлат ташрифи билан Қозоғистонга борди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Остона халқаро аэропортида Мирзиёевни қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олган.

Ташриф доирасида 8 август куни Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.

“Дастурга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва "Марказий Осиё + Япония" форматидаги мулоқотда иштирок этиш ҳам режалаштирилган”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Президент Шавкат Мирзиёев 7-8 август кунлари давлат ташрифи билан Остонада бўлиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этадиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Остонадаги олтинчи маслаҳат учрашуви эса 9 августга белгиланган.