Президент Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Сурхондарёда журналистлар билан учрашуви чоғида қурилиши режалаштирилаётган “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар”темир йўлини Ўзбекистон учун “жуғрофий, иқтисодий ва сиёсий” фойда келтирувчи лойиҳа деб атади.
“Газета уз”нинг ёзишича, президент: “Мен буни аср лойиҳаси деб атайман... Хабарингиз бор, Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари бу “аср лойиҳаси”ни имзолаган. Орадан 2-3 ой ўтиб мен Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашдим. Улар дастлабки қадамлар – лойиҳалаш ишлари учун 35 миллион доллар ажратишга рози бўлишди”,-деб айтган.
Шавкат Мирзиёевга кўра, мазкур темир йўл қурилиши амалга оширилган тақдирда, темир йўл транзити учун бериладиган пул Афғонистон ҳазинасига қолади, Ўзбекистон учун эса Эрон ва Покистон бандаргоҳларига йўл очилади.
Мирзиёев мазкур лойиҳага Россия ҳам қизиқиш билдираётганини таъкидлади. Унга кўра, яқин кунларда Ўзбекистон, Россия, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари вакиллари учрашиб, темир йўл қурилишининг оптимал вариантларини ўрганиб чиқади ва унинг техник хизмат кўрсатиш режимини тасдиқлайди.
Жорий йилнинг 2 февраль куни Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ биринчи марта учрашган ва темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган эди.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистондан Покистонга темир йўл қуриш режаси ўзбек матбуоти томонидан реал лойиҳа сифатида тақдим этилдиЛойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 800 миллион доллар экани ва бу лойиҳага хорижий инвесторларни жалб этиш зарурати қайд этилган.
Ўзбек матбуотига сиздирилган хабарларда темир йўл лойиҳасини шу йилнинг май ойигача тайёрлаб битириш ва қурилишни сентябрдан бошлаш келишилгани айтилган.
Айни пайтда уч давлат ҳукуматлари лойиҳани 2022 йилнинг сентябрь ойидан бошланишини режалаштираётгани ҳам хабар қилинган.