Мирзиёев 10000 қадам пиёда юрганларга пул ваъда қилди

Кунига ўн минг қадам юрганларга пул тўланиши ваъда қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги фармонига кўра, бир кунда 10 минг қадам юрганларга 3000 сўм берилади.

Янги режага кўра, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

Тадбирда 18 ёшга тўлганлар ва ундан катта ёшдагилар иштирок этиши мумкин.

«Соғлом турмуш тарзи» платформаси 2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқилади.

Тадбир иштирокчиларига пул давлат бюджетидан ажратилиши айтилди.

Ҳозирча бу тадбирда иштирок этиш қоидалари маълум эмас. Кимнинг қанча юрганини қандай аниқланиши ҳам номаълум.

Тармоқларда ушбу тадбир қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Айримлар бюджетдан ажратиладиган пул таниш-билишчилик йўли билан ўзлаштирилишидан хавотир ҳам билдирди.