Тошкент шаҳар маъмурий судининг жорий йил 30 октябридаги қарорига мувофиқ, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасига қарши даъвосида ҳақли топилди.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, судда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.
Жорий йил 2 октябридан эътиборан Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини бекор қилиш бўйича киритган шикояти кўриб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.
UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлаётган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.
Суд кетаётган бир пайтда, аниқроғи, шу йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкентда ўтказилган йиғилишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилиб, қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини “популистик” деб атаган.
Бунга жавобан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли блогер ва фаоллар томонидан бош вазирга эътирозлар кучайган. Улар монополистларга қарши чора кўраётган қўмитанинг қадами “популистик” деб баҳоланса, ўзларининг ҳам популист эканини ёзиб чиқишган.
Жума куни чиққан суд қарорида жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи “UzAuto Motors” АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 миллион 230 минг сўм ва 20 минг сўм миқдорида почта харажатлари ундириш белгилангани қайд этилган.
Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари “Газета.uz” нашрига суд қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритишларини билдирганлар.