Москвада афғон аёлларни қўллаб акцияга чиққанлар ушланди

Афғонистонлик аёллар Толибон режимига қарши намойиш ўтказмоқда.

Москвадаги Афғонистон элчихонаси олдида 24 август куни кечқурун Афғонистон аёлларини қўллаб-қувватлаш акциясини ўтказган 6 киши полиция томонидан қўлга олинди. Улар Толибон Афғонистонни эгаллаб олганидан сўнг афғон аёллари ҳуқуқлари бузилаётганидан ташвиш билдирдилар.

Фаоллардан бири Ксения Безденежних намойишлар тўғрисидаги қонунни такроран бузган шахс сифатида полиция бўлимида қолдирилди. Қолганлар эса “рухсат берилмаган акцияда иштирок этгани учун” огоҳлантирилиб, қўйиб юборилди.

Бу каби акция Петербургда ҳам ўтди. Фаоллар Россия ҳукуматидан Толибон билан ҳамкорлик қилмасликни талаб этишди.

Толибон бутун дунёга ва Афғонистоннинг қўрқув босган аҳолисига ўзгарганини кўрсатиш мақсадида олиб бораётган PR-кампанияси доирасида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, гуруҳга қарши жанг қилганларга амнистия эълон қилиш ҳамда Афғонистон террор хуружлари марказига айланишига йўл қўймасликка ваъда бермоқда.

Аммо халқаро ҳамжамият Толибоннинг бу ваъдаларига ишонмай турибди.