Хитой ҳукумати БМТ геноцид конвенциясини бузиб, этник уйғурларга қарши геноцид содир этмоқда. 9 март куни Ньюлайнс Стратегия ва сиёсат институти томонидан эълон қилинган ҳисоботда шундай хулосага келинган.
Хитой ҳукуматининг қонуний жавобгарлигини мустақил таҳлил қилган ҳисобот муаллифлари Пекиннинг уйғурлар борасидаги сиёсати Геноцид конвенциясининг «ҳар бир бандини» бузаётганини аниқлаган.
Хитой 2017 йилдан бери Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллиондан ортиқ уйғурни «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақлаётгани учун халқаро жамоатчиликнинг кескин танқидига учраб келади.
Йил бошида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» содир этмоқда, деб топган эди.
9 март куни Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс президент Жо Байденнинг янги маъмурияти АҚШ ушбу масалада ўз позициясини ўзгартиришига асос бўла оладиган ҳеч қандай ўзгаришларни кўрмаганини айтди.
БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияси Иккинчи жаҳон уруши фожиаларидан сўнг қабул қилинган бўлиб, уни имзолаган мамлакатлар орасида Хитой ҳам бор.