Мьянмада давлат тўнтариши уюштирган ҳарбийлар вакили нега Таиландга борди?

Мьянмада ҳарбий тўнтаришга қарши бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари давом этмоқда.

Мьянма ташқи ишлар вазири мамлакатда ҳарбий тўнтариш натижасида юзага келган инқирозга ечим топиш мақсадида қўшни давлатлар билан музокара қилиш учун Таиландга борди. Бу ҳақда Рейтер агентлигига чоршанба куни Таиланд ҳукуматидаги манба хабар берган.

Қайд этилишича, Мьянма ташқи ишлар вазири Вунна Маунг Лвин Жанубий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) билан дипломатик чоралар борасида музокара ўтказади.

Мьянмани АСЕАН аъзолари воситачилигида инқироздан чиқариш ҳаракатларига Индонезия бошчилик қилаётган эди. Лекин чоршанба куни мазкур мамлакат ташқи ишлар вазири Ретно Марсудининг Мьянмага режалаштирилган ташрифи бекор қилинди.

“Жорий вазиятни ҳамда бошқа АСЕАН давлатларининг истакларини инобатга олган ҳолда, ҳозир Мьянмага ташриф учун қулай вақт эмас деб ҳисоблаймиз”, – дея баёнот берди Индонезия ТИВ матбуот котиби Тейку Файзасях.

Аввалроқ Мьянмадаги Future Nation Allience гуруҳи Индонезия вазирининг ташрифи ҳарбийлар ҳукуматини тан олиш билан баробар эканидан огоҳлантирган эди. Фаоллар жамоасига кўра, хорижий мамлакатлар вакиллари фақат парламентдан ҳайдалган депутатлар тамсилчиси ҳамда ташқи муносабатлар учун ягона масъул Хтин Лин Аунг билан учрашиши мақсадга мувофиқдир.

Қуролли кучлар раҳбариятининг таҳдидига қарамай, Мьянмада ҳарбий тўнтаришга қарши бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ҳамда иш ташлаш акциялари давом этмоқда.

Чоршанба куни миллий озчилик вакиллари ҳамда энергетика вазирлиги ходимлари намойиш ўтказди. Норозилик акциялари мамлакат иқтисодиётини фалажлаши борасидаги хавотирлар тобора кучаймоқда.

“Иқтисодий вазият дуруст эмас, боз устига, турғунлик эшик қоқмоқда. Ҳарбийлар ҳокимиятни биз сайлаган партияга қайтариб берсагина аҳвол яхшиланади”, – дейди Янгондаги дўкондор Вин Тен.

Сиёсий инқироз Мьянма 10та аъзо мамлакатдан иборат АСЕАНнинг муаммоли ҳалқаси эканини яна бир карра тасдиқламоқда.

Расмий Жакарта Мьянмага ҳарбийлар ваъда қилган адолатли сайловни назорат қилиш учун АСЕАН кузатувчиларини юборишни таклиф қилган эди. Ҳарбийлар янги сайлов қачон ўтказилишини очиқламаган. Мамлакатда эълон қилинган фавқулодда вазият тартиби бир йил давом этиши ҳисобга олинса, овоз бериш тадбири мазкур муддатдан сўнг ўтказилса керак. Лекин “Демократия учун миллий лига” раҳбари, мамлакат етакчиси Аун Сан Су Чжи ва унинг тарафдорлари 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган сайловда улар эришган ғалаба тан олинишини талаб қилмоқда.

Мьянма ҳарбийлари сайловда қонунлар бузилганини рўкач қилиб, давлат тўнтаришини амалга оширди. Ҳукмрон партия етакчиси Аунг Сан Су Чжи ҳамда бошқа сиёсий раҳбарлар қўлга олинди. Марказий сайлов комиссияси эса овоз бериш натижаларига доир иддаоларни рад этган.

Мьянмадаги вазият юзасидан дунё ҳамжамиятининг хавотири кучаяётган бир пайтда қўшни мамлакатлар инқирозни ҳал этишга бел боғлаган кўринади.

“Катта еттилик” (G7) давлатлари ҳарбийлар томонидан намойишчиларга нисбатан зулм ва тазйиқ сиёсати юритилаётганини қоралади.

“Тинч намойишчиларга қарши куч ишлатган ҳар бир масъул жавобгарликка тортилиши шарт”, – дейилади “Катта еттилик” ташқи ишлар вазирлари баёнотида.

ЕИ ҳам Мьянма ҳарбийлари тасарруфидаги ширкатларга қарши санкциялар жорий этиш режалаштирилганини билдирган. АҚШ эса ҳарбийлар ҳукуматининг икки аъзосига нисбатан аллақачон санкция жорий этди ҳамда қўшимча чоралар ҳақида огоҳлантирди.

Доимо эҳтиёткор ёндашув тарафдори бўлган Хитой вазиятни янада мураккаблаштирмаслик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш учун жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракат қилиши лозимлигини урғулаган.

Айни пайтда давлатни идора этаётган Қуролли кучлар қўмондони Мин Аунг Хлайн заифлашаётган иқтисодиётни ўнглаш учун импортни чеклаш ва экспортни кенгайтиришга чақирди. У расмийлар намойишчиларга нисбатан қонун доирасида муносабатда экани, полиция имкор қадар камроқ куч ишлатаётганини билдирган.

Таҳлилчиларга кўра, полиция ва махсус хизмат бу галги намойишларда ҳақиқатан ҳам зўравонликдан тийилишга уринмоқда. Лекин шунда ҳам ҳозирга қадар уч намойишчи отиб ўлдирилган. Ҳарбийлар ҳукуматига кўра, бир нафар полициячи тўқнашувларда олган жароҳатдан вафот этган.