Қозон давлат тиббиёт университетининг талабаси, ўзбекистонлик Андрей Лагунин мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш учун шу йил 23 январида ўтказилган акция куни кўчада ушлангани важидан Россиядан бадарға қилинмоқда.
Cиёсий акцияга мутлақо алоқаси йўқлигини айтаётган талаба Озодлик билан суҳбатда ушбу қарор устидан судга арз қилмоқчи эканини билдирди.
Қозон тиббиёт университетининг 2 босқич талабаси ўзбекистонлик Андрей Лагунин 23 феврал куни шаҳар кўчаларида қўлга олинганлардан бири.
Озодлик саволларига жавоб берган 19 ёшли Андрейнинг қўлга олинганлар орасига тасодифан тушиб қолгани – намойишда қатнашиш нияти ҳам бўлмагани, у полициячилар одамларни ҳибс этаётган кўчадан университетга кетаётганини гапириб берди.
Мавзуга алоқадор Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни намойишларда қатнашмасликка чақирди- Ўша куни мени Навальний тарафдорлари чиқиш қилган майдондамас, шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида ушлаб олишди. Мен талабалар гуруҳи етакчиси сифатида синов дафтарчаларимизни олгани кетаётгандим. Ҳақиқатан митингга ҳеч қандай алоқам йўқ! Қўлимга 5 март куни уч кун ичида мамлакатни тарк этиш тўғрисида ҳужжат топширишди. Лекин мен бу қарор устидан судга шикоят қилдим ва суд кўриб чиқмагунча Россияни тарк этмаслик ҳуқуқига эгаман. Суд қарорини кутамиз, - деди Андрей.
23 февраль куни Россиянинг барча йирик шаҳарларида, жумдалан Татаристон пойтахти Қозонда ҳам мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг қамалишига қарши оммавий норозилик акциялари ўтказилганди.
Андрейнинг сўзларига кўра, намойишчилар полиция босими остида ўша куни у кетаётган Кремлёвская кўчасига ёпирилиб чиққан ва полиция бўлинмаларидан бирини бошқараётган полковник унга қўли билан ишора қилиб, ходимларга қўлга олишни буюрган.
Ўзбекистонлик талаба шаҳар ҳибсхонасида жой етмагани боис полиция машинасида эртаси кун тушликкача ушлаб турилган ва сўнгра ундан бармоқ излари олиниб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида протокол тузилган.
Лагунин судда ўзининг айбсизлигини исботлай олмаган ва унга 10 минг рубль жарима солинган. У “бундан баттар бўлмасин” деган фикр билан суднинг бу қарори устидан аввалига шикоят қилмаганини ҳам билдирди.
Бироқ 5 март куни талабани полиция бўлимига чақиришиб, унга Россияга кириш тақиқлангани ҳақида ҳужжат топширишган.
Миграция департаментида Андрей Лагунинга уч кун ичида Россия ҳудудини тарк этиши лозимлиги тушунтирилган.
Маълум бўлишича, Андрей Лагунин Тошкент Тиббиёт академияси ва Қозон давлат университети ўртасидаги махсус дастур асосида Татаристонга ўқишга юборилган илғор талабалардан.
Ўзбекистонлик талабани ўз ҳимоясига олган қозонлик юрист Виктор Шабанов Лагунин сохта айбловлар асосида Россиядан бадарға қилинаётгани ва бу қарор устидан шикоят ҳозирланаётганини билдирди.
Ҳимоячи ҳозирча ўзбекистонлик талаба масаласида Ўзбекистон консуллиги ва элчихонасининг ёрдамига эҳтиёж йўқлигини айтди.
- Биз Ўзбекистон консуллигига ҳозирча мурожаат қилганимиз йўқ, чунки бу масалани ички тартибда ҳал этиш мумкин, уларнинг ёрдами ҳозирча керак эмас. Бизнингча, Андрей Лагунин иши қонунда белгиланган тартибда унинг фойдасига ҳал этилиши лозим. Чунки полиция уни Россиядан чиқариб юборишга бирорта қонуний асос келтирмаган. Биз ҳатто у аниқ нимада айбланаётганини ҳам билмаймиз, зеро Ички ишлар вазирлигидан сўровимизга расмий жавоб олганимизча йўқ! Полиция томонидан Андрейга топширилган “мамлакатни тарк этиш тўғрисида”ги билдиришнома эса маъмурий тартибда арз қилиниши мумкин, деди Озодликка адвокат Шабанов.
Россияда Путин ҳукуматига қарши намойишларда ушланган хорижликлар 60 ёки 99 йилга мамлакатдан бадарға қилингани ҳолатлари қайд этилган.
23 январ куни Қозонга саёҳатга борган бир гуруҳ Москва вилоятилик сайёҳлар “рухсат этилмаган митинг иштирокчилари” сифатида қўлга олиниб, ўз томошасини полиция автозакида ўтказишгамажбур бўлганди.
Аввалроқ Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда юрган ўзбекистонликлардан мамлакатнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтаётган намойишларда иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантирганди.
Жорий йилнинг 23 январидан бошланган Навальний тарафдорлари намойишлари Россиянинг 100 дан зиёд шаҳарларига ёйилган. Уларда ўн минглаб одам иштирок этган, камида 5 минг киши ҳибсга олинган.
Норозилик акциялари бошланишига 17 январь куни мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳибсга олингани сабаб бўлган.
Алексей Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган.
20 февраль куни суд Навальнийнинг апелляция тартибида берган шикоят аризасини рад қилган. Эндиликда мухолифатчи умрининг икки йилдан кўпроғини колонияда ўтказиши керак бўлади.
Россияда январь ойида Навальний ҳимоясига уюштирилган намойишларда қатнашганларга нисбатан тобора қаттиқроқ жазолар қўлланилмоқда. Жумладан, аввалроқ Астрахань давлат университети уч талабани норозилик намойишларда қатнашгани учун ўқишдан ҳайдаган эди.
5 март куни Владимир шаҳридаги Ленин туман суди 23 январь куни мухолифат етакчиси Алексей Навальний тарафдорлари ўтказган митинг давомида полиция ходимига ҳужум қилганликда айбланган Виталий Тимофеенкони уч йилга озодликдан маҳрум қилди.
Навальний ҳимоясига ўтказилган намойишларда Россия бўйлаб минглаб талабалар иштирок этди, ўқувчи ва талабалар томонидан мактаб синфлари ва университет аудиторияларида олинган TikTok видеоларини кўпчилик кўрди.
Охирги йилларда Ўзбекистон Россия олийгоҳларида ўқийдиган талабалар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчиликда ва йил сайин бу кўрсаткич ошиб бормоқда.
Россия Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Марина Боровская 2019 йили мамлакатда 26,5 минг ўзбекистонлик кундузги бўлимларда таҳсил олганини билдирган эди.